< <
8 / total: 8

Қуръонда Пайғамбарлар Дуолари

Қуръонда тилга олинган Пайғамбарларнинг ҳар бири, маълум хусусиятлари билан диққатни тортган қавмларга юборилган. Бу қавмлар ўзларига юборилган элчиларни ёлғончига чиқаришган, уларга нисбатан турли ахлоқсизликлар кўрсатишган. Пайғамбарларнинг вазифаси эса динни билмаган ёки билгани ҳолда тўғри йўлдан оғиб кетган бундай қавмларга ҳақ динни танитиш, уларни Аллоҳга иймон келтиришга даъват этишдир. Бу эса ўта масъулиятли ҳамда машаққатли иш эди. Аммо Аллоҳ Пайғамбарларининг барчаси бундай масъулиятли ишда ўзларига Аллоҳни вакил, мададкор деб билишган. Ҳамма вақт, ҳар онда фақат У Зотга суянишган. Аллоҳ уларнинг бу ахлоқий фазилатларини Қуръонда такрор - такрор васф этган.

Албатта, Аллоҳ ҳамма вақт иймон келтирганларга мададкор бўлган. У Зот бу хусусда Қуръонда шундай марҳамат қилган:

«Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганларнинг калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса, ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир» («Тавба», 40).

Пайғамбарлар ўзларига бу масъулиятли вазифа топширилган вақтдан бошлаб ягона мақсадлари уни гўзал ҳолда, мукаммал адо этиш бўлган. Улар бу вазифани бажариш чоғида фақат ва фақат Аллоҳга суянишган, У Зотдан ёрдам, қувват сўраб дуо қилишган. Шу сабабли китобимизнинг бундан кейинги бўлимлари Қуръонда Пайғамбарлар тилидан қилинган дуоларни ўрганамиз.

Нуҳ Алайҳиссаломнинг Дуолари

«Биз Нуҳни ўз қавмига, қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантиргин, деб Пайғамбар қилиб юбордик» («Нуҳ»,1).

Қуръонда, узоқ йиллар давомида мустаҳкам азму қарор билан қавмини Аллоҳга иймон келтиришга чақирган Нуҳ алайҳиссаломнинг тўғрисўзлиги, ҳалимлиги, марҳамати, сабри мақтаб васф қилинган. У зотнинг ҳар қандай вазиятда Аллоҳга суяниши, Ундан мадад сўраб дуо қилиши мўминларга ибрат қилиб кўрсатилган. Маълумки, Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳни қўйиб лойдан, тошдан ясаб олинган сохта илоҳларга ибодат қилинадиган қавмни дину диёнатга чақириш учун Пайғамбар қилиб юборилган. Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига бўйсуниб қавмларни сохта илоҳларни қўйиб, оламларнинг Роббиси Аллоҳга иймонга келтиришга чақиради. Нуҳ алайҳиссалом қавмларининг асосий қисмини бой кишилар ташкил этарди. Шу сабабли ўз меҳнати билан кун кўраётган оддий одамдан Пайғамбар чиққани уларни ажаблантирарди. Улар ўзларидан «паст» турадиган одамга итоат қилмасликни афзал билишди. Нуҳ алайҳиссалом қавмларидан фақат саноқли кишиларгина иймон келтирди. У ҳам бўлса ўзларига ўхшаш оддий меҳнаткашлар эди. Шундай қилиб Нуҳ алайҳиссалом жами тўққиз юз эллик йил одамларни кечаю кундуз ҳам махфий, ҳам ошкора Аллоҳнинг динига даъват қилдилар. У зот одамларни қанча кўп иймонга чорласалар, шунча кўп Нуҳ алайҳиссаломдан қочишди. Аллоҳдан қавмдаги иймон келтирган кишилардан бошқалари иймон келтирмайди деган хабар келгандан сўнг ҳам Нуҳ алайҳиссалом яна бир бор уриниб кўрдилар. Лекин фойдаси бўлмади. Нуҳ алайҳиссалом ғазабланиб Аллоҳга шундай дуо қилдилар:

«Ва Нуҳ: «Эй Роббим, ер юзида кофирлардан бирорта ҳам ҳаракатланувчини қўймагин. Албатта, Сен уларни тек қўйсанг, бандаларингни адаштирурлар ва фожиру кофирдан бошқа туғмаслар. Роббим, мени мағфират қилгин, менинг ота-онамни ҳам ва уйимга мўмин бўлиб кирганларни ва мўминлару мўминаларни ҳам. Ва золимларга ҳалокатдан ўзга нарсани зиёда қилма», деди» («Нуҳ», 26-28).

Аллоҳ Нуҳ алайҳиссаломнинг бу дуосини қабул қилиб рўй берадиган тўфонга қарши тайёргарлик кўриб кема қуришни амр этган. Нуҳ алайҳиссалом атрофида ҳеч қандай денгиз бўлмаслигига қарамай Аллоҳга сўзсиз итоат этиб кема ясашга тушди. У зотнинг қавмидагилар Нуҳ алайҳиссаломнинг бу ҳаракатларини масхара қилдилар.

«У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар: У«Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизни масхара қилурмиз. Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди» («Ҳуд», 38-39).

Нуҳ алайҳиссалом қавмининг барча бу ҳаракатларига қарамай кема қуришда давом этадилар. Охир оқибат Аллоҳнинг ваъдаси ошиб тинимсиз ёмғир қуя бошлайди. Сув кўпайгандан–кўпайиб борарди. Аллоҳ Нуҳ алайҳиссаломга ўзи, аҳли ва мўминларни, ҳамда барча ҳайвонлардан бир жуфтдан олиб кемага чиқишни буюради. Дунёни тўфон босиб қавм ҳалок бўлади. Улар орасида фарзандлари бўлгани боис оталик меҳри жўшиб кетган Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳга шундай нидо қиладилар:

«Роббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан» («Ҳуд»,45).

Бу нидо орқали Нуҳ алайҳиссалом эй Роббим, Сен менга аҳлингни қутқараман, деб ваъда бергандинг, ўғлим аҳлимдан-ку, ўша боламни менга бергин, ўзинг ҳикмат ила ҳукм чиқаргувчи Зотсан, демоқчи бўлганлар. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг бу нидоларига қуйидагича жавоб беради:

«Эй Нуҳ, албатта, у аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир ўзингнинг илминг бўлмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди. («Ҳуд, 46»).

Шундан сўнг Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳдан қуйидагича дуо қилиб паноҳ сўрадилар:

«Роббим, мен ўзимнинг илмим бўлмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тиларман. Агар мени мағфират қилмасанг ва раҳим кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўлурман» («Ҳуд», 47).

Қуръоннинг бошқа сурасида Нуҳ алайҳиссалом дуосининг қабул бўлиши қуйидагича баён қилинган:

«Ва Роббисига дуо қилиб: «Албатта, мен мағлуб бўлдим, ёрдам бер», деди. Бас, осмон эшикларини шаррос сув билан очиб юбордик. Ва ердан отилтириб булоқлар чиқардик. Бас, сувлар тақдир қилинган иш учун бирлашдилар. Ва у (Нуҳ)ни тахталари ва михлари бор нарса устига (кемага) кўтардик. У (кема) инкор қилинган шахс (Нуҳ)га мукофот бўлиб, Бизнинг иноятимиз ила юрадир» («Қамар», 10-14).

Иброҳим Алайҳиссаломнинг Дуолари

«Китобда Иброҳимни эсла. Албатта, у сиддиқ ва Набий бўлган эди» («Марям», 41).

Ҳозирги кунда миллиардлаб одамлар ҳаж ибодатини адо этишлари учун зиёрат қилаётган Каъбани бунёд этган Иброҳим алайҳиссалом Қуръонда номи энг кўп зикр қилинган Пайғамбарлардан биридир. Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссалом билан бирга бир неча асрлар аввал бино қилган Каъба ҳозирги кундан бутун дунё мусулмон уммати жамланадиган масканга айланган. Ота-бола пайғамбарлар Аллоҳнинг амрига бўйсуниб Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтараётиб шундай дуо қилганлар:

«Иброҳим билан Исмоил: Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг ўзинг эшитгуви, билгувчи Зотсан», деб байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла» («Бақара», 127).

Байтуллоҳ бунёд қилинган ер вақти келиб бутун дунё мусулмонлари зиёратгоҳи – диний марказига айлангани маълум. Бунинг учун Иброҳим алайҳиссалом шундай дуо қилганлар:

«...Эй Роббим, бу юртни омонлик юрти қилгин, мени ва болаларимни санамларга ибодат қилишимиздан четда қилгин» («Иброҳим», 35).

«...Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин» («Бақара»,126).

Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар фақат ўзлари учун эмас, балки ўзларидан кейин келадиган зурриётлари учун ҳам дуо қилганлар:

Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сен ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳимли Зотсан. Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Албатта, Сенинг Ўзинг азиз ва ҳикматли Зотсан» («Бақара», 128-129).

Иброҳим алайҳиссаломнинг бошқа дуолари эса Аллоҳга яқинлашиши учун қилинган:

«Эсла, Иброҳим: «Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда, У Зот: «Ишонмадингни?» - деди. У: «Қалбим хотиржам бўлиши учун»,-деди. У Зот: «Қушдан тўртта олгин-да, ўзингга тортиб, кесиб майдала, сўнгра, улардан ҳар бир тоққа бўлакларини қўйгин, кейин уларни ўзингга чақир, ҳузурингга тезлаб келадилар»,-деди. «Ва билгинки, албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким Зотдир» («Бақара»,260).

Оятда Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳдан ўликларни қандай тирилтиришини кўрсатишини исташи, у кишининг иймонидаги заифлик, Аллоҳнинг қудратига бўлган ишончидаги сустлик эмас. Аксинча у чин дилдан Аллоҳнинг мўъжизасини кўришни, уни кўриб иймонлари янада зиёдалашувини истаганлар. Шу сабабли Аллоҳ у зотнинг дуосини ижобат қилган.

Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси бутпараст эди. У отасини Раҳмонга осий бўлган шайтонни дўст тутишдан қайтарган. Аллоҳнинг азоби тутишидан огоҳлантирган. Лекин отаси қабул қилмай, Иброҳим алайҳиссаломга тошбўрон қиламан деб таҳдид солган. Шундай бўлса ҳам Иброҳим алайҳисссалом оталарига шундай деганлар:

«…Омон бўл. Энди Роббимдан сени мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У менга жуда ҳам лутфли, марҳаматлидир. Мен сизлардан ҳам, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман ва Роббимга илтижо қиламан. Шоядки, Роббимга илтижо қилиш ила бадбахт бўлмасам» («Марям», 47-48)

Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси иймон келтирмаган бўлса ҳам ўғлининг уни ҳаққига дуо қилишининг асл сабаби Қуръонда шундай баён қилинган:

«Пайғамбарлар ва мўминлар учун дўзах эгалари эканлиги аён бўлган мушрикларга, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, истиғфор айтишлари дуруст эмасдир. Иброҳимнинг отаси учун айтган истиғфори унга берган ваъдаси устидан эди, холос. Вақтики, унга отасининг Аллоҳга душман эканлиги аён бўлганда, ундан воз кечди. Албатта, Иброҳим тазарруъли ва ҳалиймдир» («Тавба», 113-114).

Бугун миллионлаб инсонлар тавоф этаётган Масжиди Ҳаром яъни Каъбага дастлаб жойлашган Иброҳим алайҳиссалом дуоларининг давомида шундай деганлар:

«Эй Роббимиз, ҳақиқатда мен зурриётимдан Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд, шукр қилсалар. Эй Роббимиз, албатта, Сенинг Ўзинг махфий тутган нарсамизни ҳам, ошкор қилган нарсамизни ҳам яхши билурсан. Аллоҳ учун на ердаю на осмонда бирор нарса махфий қолмас.Кексалик пайтимда менга Исмоил ва Исҳоқни ато қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Албатта, Роббим дуони эшитгувчидир. Эй Роббим, мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Эй Роббимиз, дуони қабул этгин. Эй Роббимиз, мени, ота-онамни ва мўминларни ҳисоб қилинадиган куни мағфират айлагин» («Иброҳим», 37-41).

Кўриб турганимиздек Иброҳим алайҳиссалом дуода ҳам Аллоҳнинг сифатларини ёдга оляптилар, ҳам шукр қилаяптилар. Аллоҳдан истаётган нарсалари У Зотга яқинлаштирадиган ва охиратда мағфиратга сабаб бўладиган нарсалардир.

Лут Алайҳиссаломнинг Дуолари

«Албатта, Лут ҳам юборилган Пайғамбарлардандир» («Соффат»,133).

Қуръонда ҳукм ва илм берилган пайғамбар деб таъриф этилган Лут алайҳиссалом Нуҳ алайҳиссалом каби қавмини узоқ йиллар ҳақ динга даъват қилганлар. У зот қавмидаги эркаклар нотўғри жинсий алоқа – эркак билан эркак жинсий яқинлик қиларди. Лут алайҳиссаломнинг асосий вазифларидан бир уларни бу қабиҳ ишдан қайтариш эди. Аммо туғёнга кетган қавм Лут алайҳиссаломнинг ўгитларини тингламай, қилаётган гуноҳлари учун келадиган азоблардан ҳам қўрқмай қўйганди.

«Ва Лутни (юбордик). Унинг ўз қавмига: «Сиздан олдин оламларда ҳеч Ким қилмаган фоҳиша ишни қиласизларми?! Албатта, сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қилмоқдасизлар. Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!» деганини эсла. Қавмнинг жавоби: «Уларни қишлоғингиздан чиқариб юборинг, улар жуда ҳам покиза бўлаверадиган одамлар экан», дейишларидан бошқа нарса бўлмади» («Аъроф», 80-82).

Лут алайҳиссаломнинг барча уринишлари зое кетаётган эди. Бузғунчи қавм ўз Пайғамбарига: «Эй Лут, агар гапинг рост бўлса, Аллоҳнинг азобини келтир», дейишади. Улардан умидини узган Лут алайҳиссалом Аллоҳга шундай дуо қиладилар.

«У «Эй Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди» («Анкабут», 30).

Аллоҳ Лут алайҳиссаломнинг дуосини қабул қилади. У зотнинг уйига келишган, чиройли йигитлар қиёфасидаги учта фариштани юборади. Қавмининг бузуғлигини билган Лут алайҳиссалом меҳмонларнинг ташрифидан хавотирга туша бошлайдилар. Лекин улар жуда хотиржам, сокин ҳолда ўтиришар эди. Меҳмонлар келганини Лут алайҳиссалом ва унинг хотинидан бошқа ҳеч ким кўрмаганди. Хотини бу хабарни қавм эркакларига етказади. Тун чўккан бўлишига қарамай улар Лут алайҳиссалом уйларига етиб келишади. У зот уларнинг йўлини тўсиб меҳмонлар олдида шарманда қилмасликларини сўрайдилар. Табиийки улар бунга қулоқ тутмадилар. Ниҳоятда оғир вазиятда қолган Лут алайҳиссаломга халиги меҳмонлар:

«...Сен хавфсирама ва маҳзун ҳам бўлма, албатта, биз сени ва аҳлингни қутқаргувчилармиз. Магар, хотининг ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир. Албатта, биз ушбу шаҳар аҳолиси бошига фосиқлик қилганлари туфайли осмондан азоб туширгувчимиз, дедилар» («Анкабут», 34).

Шу вақт эшик парчаланиб уй ичига қаттиқ шамол киради. Жаброил алайҳиссалом қўллари билан ишора қилганларидан сўнг қавмнинг кўзлари кўр бўлиб қолади. Улар бир-бирларини уриб йиқитиб қоча бошлайдилар. Фаришталар Лут алайҳиссаломга кечаси ўз аҳли билан бу ердан чиқиб кетишни, шиддатли овоз келса ҳхам орқага қарамасликни буюрадилар. Орқага қараганлар азобга дучор бўлшини таъкидлайдилар. Ерта саҳарда Жаброил алайҳиссалом қанотлари билан Лут алайҳиссалом қавми яшаётган барча шаҳарни осмонга кўтариб, тўнтариб ташлайди. Роббиси ва Пайғамбарига қарши чиққан қавм ҳалок бўлди.

Бу мисолда кўрганимиздек дуо фақат одамларнинг яхшилиги, дунё ва охират саодати учун бўлмаслиги ҳам мумкин. Аллоҳнинг ҳадларидан чиққан, мўминларга зулм қилган қавмининг ҳалокати учун бир қанча Пайғамбарлар дуо қилишган. Лут алайҳиссаломнинг дуоси ҳам бунга бир мисолдир.

Юсуф Алайҳиссалом Дуоси

Дуо хусусида Юсуф алайҳиссалом қиссаси мўминлар учун гўзал ибратларга тўла. Юсуф алайҳиссалом ҳар бир ҳолатда Аллоҳга бўлган мустаҳкам ишонч, таваккул ва садоқат билан чин мўминнинг барча аломатларини ўзларида кўрсатганлар. У зот ва оталари Ёқуб алайҳиссаломга келадиган машаққатлар кичик ёшдаги Юсуф алайҳиссаломнинг акалари томонидан қудуққа ташланишидан бошланган. Ёқуб алайҳиссалом энг севган ўғлидан ажралсада, Аллоҳга бўлган мустаҳкам ишончни сақлаганлар:

«Ва унинг ёлғон қонга бўялган кўйлагини келтирдилар. У: «Йўқ! Сизга ҳавойи нафсингиз бирор ишни зийнатлаб кўрсатади. Энди чиройли сабр (дан бошқа чорам йўқ). Сиз васф қилаётган нарсада ёрдам сўраладиган Зот ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи», - деди» («Юсуф», 18).

Оятга кўра ўғлининг қонли кўйлагини кўрган ота, ҳақиқий мўмин тутадиган ҳолат - сабр, таваккул ва дуо эканлиги кўриниб турибди.

Қудуққа ташланиб ўлимга ҳукм қилинган Юсуф алайҳиссалом дам олиш учун тўхтаган йўловчи савдо карвони томонидан топиб олинади. Қудуқдан сув олишга келган одам Юсуф алайҳиссломни кўриб сотиб юборишни ўйлайди. Мисрга келгач у ўзининг ниятини амалга ошириб Юсуф алайҳиссаломни арзон нархга сотиб юборади. Уни сотиб олган одам Юсуф алайҳиссломни оддий одам эмаслигини ҳис қилади ва уни яхшилаб жойлашларини тайинлаб, фарзанд қилиб олишни ният қилади. Шундай қилиб ҳар нарсага қодир Аллоҳ Мисрга қул бўлиб келган Юсуф алайҳиссломга тушларни таъбир қилишни ўргатади. Бу ҳақда Қуръонда шундай дейилган:

«Ва уни Мисрда сотиб олган (одам) ўз хотинига: «Уни яхшилаб жойлаштир, шояд бизга манфаат берса ёки бола қилиб олсак», деди. Мана шундай қилиб, унга тушларнинг таъбирини ўргатишимиз учун Юсуфни жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ ўз ишида ғолибдир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар» («Юсуф», 21).

Юсуф алайҳисслом вояга етгач Аллоҳ У зотга тўғри ҳукм чиқариш ва илм фазлини берди.

«Вояга етган вақтида унга ҳукмни ва илмни бердик. Гўзал иш қилгувчиларни шундай мукофотлармиз» («Юсуф», 22).

Юсуф алайҳиссалом ҳуснда лол қоладиган даражада вояга етдилар. Шу сабабли у зотни сотиб олган кишининг хотини Юсуф алайҳиссломни фаҳш ишга чорлайди. Аммо Юсуф алайҳиссалом Аллоҳдан қўрқиб бу ишга қўл урмайдилар. Лекин шаҳар аёллари ўртасида у аёлнинг ўз хизматкорини хоҳлаб қолганлиги ҳақида миш-миш тарқалади. Халиги аёл уйига шаҳар аёлларининг барчасини меҳмон қилиб чақиради. Уларнинг ҳар бирининг қўлига пичоқ беради ҳамда Юсуф алайҳиссаломга уларнинг олдиларига чиқишни буюради. Юсуф уларнинг ҳузурига чиққанларида аёлларнинг барчаси у кишининг ҳусну жамолига маҳлиё бўлиб қўлларини пичоқ билан кесиб олишади. Шунда аёл:

«У: «Сиз мени маломат қилган эдингиз. Ҳа, мен ундан нафсини хоҳладим, бироқ у ўзини сақлади. Агар у менинг амримни бажармаса, албатта, қамалур ва хор бўлгувчилардан бўлур», деди» («Юсуф», 32).

Юсуф алайҳиссалом бу гапларни эшитиб ҳаром ишдан кўра қамоқни афзал биладилар ва шундай дуо қиладилар:

«У: «Эй Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун қамоқ маҳбуброқдир, бу (аёл)ларнинг макрини мендан ўзинг нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан», деди» («Юсуф», 33).

Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарининг дуосини қабул қилади:

«Бас, Робби унинг (дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрини ундан нари қилди. Албатта, унинг Ўзи эшитгувчи ва билгувчи Зотдир» («Юсуф», 34).

Фаҳшдан кўра зиндонни афзал билиб, қалбан Аллоҳга дуо қилган Юсуф алайҳиссаломнинг дуоси қабул бўлиб, Аллоҳ уларни аёлларнинг макридан нари қилади. Лекин беайб эканлиги маълум бўлгани ҳолда Юсуф алайҳиссалом қамоққа ташланадилар. Қамоқда одамлар Юсуф алайҳиссаломни тақволи, инсофли одам деб билиб, у зотдан маслаҳат сўрайдиган бўлишади. Юсуф алайҳиссалом Аллоҳнинг йўлига даъват қилиш учун қулай фурсат келганини фаҳмлайдилар.

«Эй ҳамзиндон дўстларим, турли-туман робблар яхшими ёки Ёлғизу Қаҳҳор Аллоҳми? Сизлар ундан ўзга, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмларга, Аллоҳ уларга бирон ҳужжат нозил қилмаган нарсаларга ибодат қилмоқдасизлар. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир. У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди. Ана ўша тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар» («Юсуф», 40).

Юсуф алайҳиссалом ҳамзиндон бўлган икки йигитга уларнинг тушларини таъбир қилиб беради. Юсуф алайҳисслом йигитлардан бирига ўзини қамашга амр этган кишига у зотни эслатишини тайинлайди. Ҳалиги йигит қамоқдан чиққач Юсуф алайҳиссаломнинг гапини унутади. Шундай қилиб Юсуф алайҳиссалом яна бир неча йил қамоқда қоладилар. Бу орада Мисрнинг подшоҳи қайта-қайта алғов-далғов тушлар кўради. У ўз аъёнларидан тушининг таъбирини сўрайди. Шунда зиндонда ётган, озод бўлгач эса подшоҳга соқийлик қилётган ҳалиги йигит Юсуф алайҳиссаломнинг гапларини эслайди. Ҳалиги йигит подшоҳдан изн олиб Юсуф алайҳиссалом ёнига борадилар. Юсуф алайҳиссалом унга тушнинг таъбирини айтадилар. Тушнинг таъбирини эшитган подшоҳ Юсуф алайҳиссаломни ҳузурларига олиб келишни амр этади.

Лекин Юсуф алайҳиссалом подшоҳга ҳам, бошқаларга ҳам ўзларининг беайб эканликларини билдиришни хоҳлайдилар. Шу сабабли қамалишларига сабаб бўлган воқеани қайта текширтиришни сўрайдилар. Подшоҳ у кишининг талабларини бажарадилар. Кетма-кет келган машаққатлардан сўнг Юсуф алайҳиссаломнинг беайб эканлиги исбот этилади.

Аллоҳ иймонли, тақводор бандаларини, айниқса Ўз Пайғамбарларини ҳеч қачон хор қилмайди. Гўзал амаллари учун чиройли мукофотлар беради. Юсуф алайҳиссалом ҳам йиллар давомида кўрган машаққатлари олдида бўйин эгмай, Аллоҳга мустаҳкам эътиқодда бўлганлари учун Аллоҳ у зотни мукофотлайди.

«Шундай қилиб, Юсуфга ер юзида маконат бердик, уни ўзи хоҳлаган жойга ерлаша оладиган қилдик. Ўз раҳматимизни, кимни хоҳласак, ўшанга муяссар этурмиз ва гўзал амал қилувчиларнинг ажрини зое қилмасмиз» («Юсуф», 56).

Аллоҳ томонидан неъмат берилган Юсуф алайҳиссалом Ўз Роббисига шукр айтиб шундай дуо қиладилар:

«Эй Роббим, ҳақиқатда менга мулк бердинг ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару ерни яратган Зот! Сен дунёю охиратда менинг валийимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва солиҳларга қўшгин» («Юсуф», 101).

Шуайб Алайҳиссаломнинг Дуолари

«Ва Мадянга ўз биродарлари Шуайбни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сизга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан ҳужжат келди. Бас, ўлчов ва тарозуни тўлиқ адо этинг, одамларнинг нарсаларидан камайтириб қолманг ва ер юзида унинг ислоҳидан кейин буғзунчилик қилманг. Агар мўмин бўлсангиз, шундай қилмоғингиз ўзингиз учун яхшидир» (деди)» («Аъроф», 85).

Мадян халқининг Шуайб алайҳиссаломга жавоби Нуҳ ва Лут алайҳиссалом қавмларининг жавобидан фарқ қилмасди. Шуайб алайҳиссаломнинг насиҳатларини қабул қилмаган қавм, уни ва иймон келтирган бошқа кишиларни қувғин қиламиз деб таҳдид солишди.

«Унинг қавмидан бўлган муткааббир зодагонлар: «Эй Шуайб, ёки, албатта, сени ва сен билан бирга иймон келтирганларни ўз қишлоғимиздан чиқарамиз ёки ўз миллатимизга қайтасизлар»,-дедилар. У: «Гарчи ёмон кўрувчи бўлсак ҳам-а?!» деди» («Аъроф», 88).

Шуайб алайҳиссалом эса қавмининг итоатсизлиги ва таҳдидларига қарши шундай дедилар:

«Агар сизнинг миллатингизга Аллоҳ бизга ундан нажот бергандан сўнг қайтсак, батаҳқиқ, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган бўламиз. Биз учун унга қайтиш мутлақо мумкин эмас, магар Роббимиз – Аллоҳ хоҳласагина (мумкин). Роббимиз ҳамма нарсани ўз илми ила қамраб олгандир», дедилар ва шундай илтижо қилдилар: «Аллоҳга таваккал қилдик. Эй Роббимиз, биз билан қавмимизнинг орамизни ҳақ ила очгин. Сен очувчиларнинг яхшисидирсан» («Аъроф»,89).

Шуайб алайҳиссаломнинг сўзлари заррача таъсир қилмаган мутакаббир зодагонлар:

«...Агар Шуайбга эргашсангиз, у ҳолда, албатта, зиён кўрувчидирсиз, дедилар» («Аъроф»,90).

Кейин Лут ва Нуҳ алайҳиссаломлар қавмининг бошига тушган нарсалар Мадян халқига ҳам келди. Шуайб алайҳиссаломнинг қабул бўлган ва Аллоҳнинг элчисини тан олмаган қавм ҳалок этилди:

«Бас, уларни шиддатли зилзила олди ва жойларида ўтириб қолдилар. Шуайбни ёлғонга чиқарганлар, худди у ерда яшамагандек бўлдилар. Шуайбни ёлғончига чиқарганлар, ўшалар зиён кўрувчилар бўлдилар» («Аъроф», 91-92).

Айюб Алайҳиссаломнинг Дуолари

«Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Асбот, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонларга ваҳий юбордик» («Нисо»,163)

Қуръоннинг тўрт сурасида номлари тилган олинган Айюб алайҳиссаломнинг сабри барчага ибрат қилиб кўрсатилган. Аллоҳнинг танланган бандаси сифатида ваҳий юборилган Айюб алайҳиссалом оғир синовга учрайдилар. Лекин Аллоҳга бўлган мустаҳкам эътиқод, ибодатларда собитлик ва энг муҳими гўзал сабр билан бу синовдан жуда гўзал ўтганлар. Айюб алайҳиссаломнинг дуоси, У зотнинг гўзал сабри одамларга эслатма сифатида Қуръонда мақтаб васф этилган.

«Ва Айюбнинг Ўз Роббисига нидо қилиб: «Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан!» деганини эсла. Бас, Биз унинг (дуосини) истижобат қилдик. Унга етган зарарни кетказдик. Унга аҳлини, улар билан бирга яна шунчани ҳам бердик. Буни Ўз раҳматимиз ила ва обидларга эслатма бўлсин, деб қилдик» («Анбиё»,83-84).

«Сод» сурасида Айюб алайҳиссалом қиссаси шундай баён қилинган:

«Бизнинг бандамиз Айюбни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», деди. «Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув). Ва Биз унга аҳлини ва яна улар билан бирга мислларичани ҳам ҳадя этдик. Бу Биздан раҳмат ўлароқ ва ақл эгаларига эслатма учун бўлди. Қўлингга бир дастани ол-да, у билан ур. Қасамингни бузма» (деди). Биз уни сабрли топдик. У қандай ҳам яхши банда. Албатта, у ўта қайтгувчидир» («Сод», 41-44).

Албатта, оламларнинг Роббиси Аллоҳ бандаларини турли йўллар билан имтиҳон қилади. Айюб алайҳиссаломни ҳам Ўзига маълум синов билан имтиҳон қилган. Шунга ўхшаш синовлар ҳамманинг бошидан ўтиши мумкин. Шундай ҳолатда қолган мўмин Айюб алайҳиссаломдан ибрат олиб, бошига тушган машаққатлар бир синов эканлиги ва Аллоҳ ҳеч кимга тоқатидан ортиқ нарсани юкламаслигини эслаб сабр қилиши лозим.

Мусо Алайҳиссаломнинг Дуолари

Бани Исроил қавмига Пайғамбар қилиб юборилган Мусо алайҳиссалом, Фиръавннинг зулмидан нажот топиш учун онасига келган ваҳийга кўра гўдаклигидаёқ дарёга ташланган эди. Уни ушлаб олган Фиръавн оиласи ўзларига фарзанд қилиб асраб олишди.

«Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Бас, (унга ёмонлик етишидан) қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, хафа бўлма, Биз, албатта, уни сенга қайтаргувчимиз ва Пайғамбарлардан қилгувчимиз», деб ваҳий қилдик. Бас, Фиръавннинг оиласи уни ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, Фиръавни, Ҳомон ва икковларининг аскарлари хатокорлардан бўлган эдилар» («Қосос», 7-8).

Боласини оқизиб юборган онанинг кўнгли ҳувиллаб қолади. Аммо Аллоҳ унга мустаҳкам ирода бериб, бу сир ошкор бўлмаслигини ирода қилади. Она чақалоқнинг опасига унинг изидан боришни тайинлайди. Опаси чақалоқ солинган сандиқни Фиръавн боғига оқиб кирганини, улар болани сандиқдан олишганини кўради. Болани кўрган Фиръавннинг оиласи уни яхши кўриб қолади. Улар болани эмизадиган аёл қидирадилар. Аммо Аллоҳнинг иродаси билан бола ҳеч кимни эммайди. Буни билган Мусонинг опаси уларга чақалоқни эмиза оладиган одам топиб келишини айтади.

«Бас, Биз уни онасига кўзи қувончга тўлиши, хафа бўлмаслиги ва, албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун қайтардик. Лекин кўплари буни билмаслар» («Қосос», 13).

Мусо алайҳиссалом Фиръавн саройида вояга етди. Бошқа Пайғамбарлар каби Аллоҳ унга ҳам илм ва ҳикмат берди.

Қуръонда Мусо алайҳиссаломнинг Аллоҳга юзланиб дуо қилишига сабаб бўлган воқеа шундай баён қилинган:

«Ва у шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатдалик пайтда кирди. Унда уришаётган икки кишини кўрди. Буниси ўз гуруҳидан, униси эса, душманларидан эди. Бас, ўз гуруҳидан бўлган душман бўлганга қарши ундай ёрдам сўради. Шунда Мусо уни бир мушт тушириб ўлдириб қўйди. У: «Бу шайтоннинг ишидир. Албатта, у очиқ-ойдин душман ва йўлдан оздиргувчидир», деди» («Қосос», 15).

Бу воқеадан сўнг Мусо алайҳиссалом Аллоҳдан мағфират тилади ва жиноятчиларга ёрдам кўрсатмасликка ваъда берди.

«У:«Эй Роббим, албатта, мен ўзимга зулм қилдим. Бас, мени мағфират қил», деди. Шунда У Зот уни мағфират қилди. Албатта, Унинг Ўзи мағфират қилгувчи, меҳрибондир. У: «Эй Роббим, менга берган неъматингнинг ҳаққи-ҳурмати ҳаргиз жиноятчиларга ёрдамчи бўлмасман», деди» («Қосос», 16).

Эртаси куни бир кун олдин Фиръавн қавмидан бўлган киши билан урушаётган кечаги кишини кўриб қоладилар. Бугун у бошқа одам билан урушаётганининг гувоҳи бўладилар. Кечаги киши яна Мусо алайҳиссаломни ёрдамга чақиради. Аммо кечаги ишидан қаттиқ надоматланган ва бошқа бундай қилмаслик учун Аллоҳга ваъда берган Мусо алайҳиссалом унга:

«Албатта, сен очиқ-ойдин гумроҳсан, деди» («Қосос», 18).

Бу орада фиръавн ва унинг аъёнлари Мусо алайҳиссаломни ўлдириш учун тил бириктираётган эди. Бундан хабари бўлган бир мўмин одам Мусо алайҳиссаломни огоҳлантириб қўяди. Буни эшитган Мусо алайҳиссалом шундай дуо қиладилар:

«Эй Роббим, менга золим қавмлардан нажот бергин» («Қосос, 21»).

Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг дуосини қабул қилди. Ўз марҳамати билан Мусо алайҳиссаломнинг йўлини Мадян томонга буриб қўйди. Мусо алайҳиссалом нотаниш тарафларга кетар экан, Аллоҳдан умид қилиб:

«Шоядки, Роббим мени тўғри йўлга ҳидоят қилса», («Қосос»,22) деб илтижо қилдилар.

«Қачонки Мадян сувига етиб келгач, бир тўп одамларнинг ҳайвонларини суғораётганини кўрди ва улардан бошқа (қўйларини сувдан) қайтараётган икки аёлни кўрди. У: «Сизларга нима бўлди?»деди. Улар «Чўпонлар қайтмагунларича суғора олмаймиз, отамиз қари чол», дедилар. Бас, икковларига (ҳайвонларни) суғориб берди. Сўнгра сояга қайтди ва «Эй Роббим, албатта менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман», деди. Бас, икковларидан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда», деди. Қачонки унга келганида ва қиссани айтиб берганида, у: «Қўрқма, золим қавмлардан нажот топдинг», деди» («Қосос», 23-25)

Қария қизларининг таклифига кўра Мусо алайҳиссаломни ишга ёлламоқчи бўлади. У Мусо алайҳиссаломга буни қуйидаги тарзда билдирди:

«... Менга саккиз йил ишлаб беришинг шарти билан, шу икки қизимдан бирисини сенга никоҳлаб бермоқчиман, агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг. Мен сенга машаққат қилишни истамасман. Иншааллоҳ, мени солиҳ кишилардан эканимни кўрасан» («Қосос», 27).

Келишилган муддат тугагач Мусо алайҳиссалом аҳли аёлларини олиб йўлга тушадилар. Тур тоғига яқинлашганда, узоқдан олов ёниб турганини кўрадилар. Аҳли аёлларини ўша ерда қолдириб, олов кўринган тарафга қараб кетадилар. У ерга яқинлашгач Аллоҳ томонидан «Эй Мусо» деган нидо келди. Сўнгра Аллоҳ таоло:

«Албатта, Мен, Ўзим оламларнинг Робби Аллоҳдирман» дейди. («Қосос», 30).

Сўнг Аллоҳ Ўз Пайғамбарига икки мўъжиза-ҳужжат ато этади. Ташлаганда катта илонга айланадиган ҳасса ва қўлини қўлтиғига тиққанда унинг оппоқ бўлиб чиқиши. Бу икки мўъжиза Фиръавн ва унинг аъёнларини Аллоҳнинг динига чақиришда қўлланиладиган ҳужжат эди. Мусо алайҳиссалом бундай масъулиятли ишни бажаришдан аввал бир оз мулоҳазага бориб шундай дейдилар:

«Эй Роббим, мен улардан бир жонни ўлдирганман, улар мени ўлдиришларидан қўрқаман. Биродарим Ҳорун мендан кўра тили бурророқ, уни ҳам мен билан юбор, мени тасдиқлайдилар. Зеро, улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман» («Қосос», 33).

Аллоҳ Мусо алайҳиссаломни Ҳорун алайҳиссалом билан қувватлашини айтиб, Фиръавннинг ёнига боришни буюрди. Шунда Мусо алайҳиссалом Аллоҳга шундай дуо қилдилар:

«Эй Роббим, менинг қалбимни кенг қил. Ишимни осон қил. Тилимдаги тугунни ечгин, сўзимни англасинлар. Менга ўз аҳлимдан бир вазир қилиб бер. Оғам Ҳорунни. У билан белимни қувватла. Уни ишимга шерик айла. Сенга кўп тасбеҳ айтишимиз учун. Ва Сени кўп зикр қилишимиз учун. Албатта, Сен Ўзинг бизни кўриб турувчи эдинг» («Тоҳа», 24-35).

Мусо алайҳиссаломнинг дуосини қабул қилган Аллоҳ:

«Эй Мусо, сенга сўраганинг берилди», деб марҳамат қилди. («Тоҳа», 36).

Мусо алайҳиссалом Фиръавн ва унинг қавмига кўрсатаётган мўъжизалари уларни иймон келтиришларига сабаб бўлиши ўрнига уйдирма ва сеҳр деб баҳоланади. Мусо алайҳиссалом Фиръавн ва унинг қавмини Ҳақ йўлига чақиришда ҳар томонлама қаттиқ ҳаракат қилдилар. Аммо туғёнга кетган қавм ботил йўлдан чекинишни истамади . Шунда Мусо алайҳиссалом Аллоҳга шундай илтижо қилдилар:

«Эй Роббимиз, Сен Фиръавнга ва унинг амалдорларига зебу зийнат ва молу дунё бердинг. Роббимиз, бу Сенинг йўлингдан адаштиришлари учундир. Роббимиз, уларнинг молларини йўқ қилгин ва қалбларини қаттиқ қилгин, то аламли азобни кўрмагунларича иймонга келмасинлар» («Юнус», 88).

Аллоҳ таоло бу дуони қабул қилганини қуйидаги тарзда билдирди:

«У: «Батаҳқиқ, икковингизнинг дуоингиз қабул бўлди. Бас, собит туринглар ва билмайдиганларнинг йўлига эргашманглар», деди». («Юнус», 89).

Мусо ва Ҳорун алайҳиссалом Аллоҳнинг:

«Батаҳқиқ, Биз Мусога: «Сен бандаларим ила кечаси йўлга туш, уларга денгиздан қуруқ йўл оч, етиб олишларидан хавф қилма ва қўрқма» («Тоҳа», 77) амрига кўра Бани Исроил қавмини Фиръавн зулмидан қутқариш учун Мисрни ташлаб кетишади. Уларнинг орқасидан Фиръавн ва унинг аскарлари қувиб кела бошлайди. Йўлдан денгиз чиқади. Мусо алайҳиссалом даҳшатга тушмасдан, Аллоҳнинг амрига кўра қўлларидаги ҳасса билан денгизга урадилар. Денгиз иккига бўлиниб, йўл очилади. Ҳаммалари шу йўлдан ўтиб оладилар. Шунда Аллоҳ Ўз Пайғамбарининг дуосини қабул бўлганини кўрсатади:

«Ва Бани Исроилни денгиздан ўтказдик. Бас, Фиръавн ва унинг аскарлари ҳаддан ошган ва туғён қилган ҳолда уларни таъқиб қилдилар. Токи унга (денгизга) ғарқ бўлиш етганида (Фиръавн): «Бани Исроил иймон келтирган Зотдан ўзга илоҳ йўқлигига иймон келтирдим ва мен мусулмонларданман», деди» («Юнус», 90).

Шунда Аллоҳ:

«Эндими! Олдин исён қилган ва бузғунчилардан бўлган эдинг-ку?! Бугун сенинг баданингни қутқарамиз. Токи ўзингдан кейингиларга ибрат бўлгин. Албатта, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар» деди («Юнус», 91-92).

Фиръавннинг ўлимидан сўнг нима бўлгани ҳақида Қуръонда шундай дейилган:

«Батаҳқиқ, Биз Бани Исроилни ҳақиқий омонлик масканига жойлаштирдик ва уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик.Бас, улар то ўзларига илм келмагунча ихтилоф қилмадилар...» («Юнус», 93).

Аллоҳнинг ваъдасига мувофиқ Фиръавн ва унинг аъёнлари ҳалок бўлганидан сўнг Мусо алайҳиссаломга китоб бериши керак эди. Мусо алайҳиссалом бу ҳақда Аллоҳдан сўраганларида, У Зот ўттиз кун рўза тутишни амр қилади. Мусо алайҳиссалом ўттиз кун рўза тутадилар. Учрашув белгиланган вақтга тайёргарлик кўраётганларида Аллоҳдан яна ўн кун рўза тутиш амри келади. Мусо алайҳиссалом Аллоҳ буюрган амрни тўла бажарадилар. Сўнгра Тур тоғи томон йўл олиб, ўрниларига оғалари Ҳорун алайҳиссаломни қолдирадилар. Мусо алайҳиссалом кетишлари билан Бани Исроил Ҳорун алайҳиссаломнинг гапига кирмай тилла тақинчоқлардан ясалган бузоқни илоҳ тутади. Мусо алайҳиссалом қавм ёнига дарғазаб ҳолда қайтадилар. Ўрниларига тайинлаб кетган акалари Ҳорун алайҳиссаломни сочидан тортадилар. Ҳорун алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга бўлаётган воқеаларга беписанд қараб турмаганини, қавм уни хўрлаганини, ҳатто ўлдириб қўйишларига оз қолганини айтади. Шунда Мусо алайҳиссалом Аллоҳга илтижо қиладилар:

«Роббим, мени ва акамни мағфират қилгин ва бизларни Ўз раҳматингга киритгин. Сенинг Ўзинг раҳим қилгувчиларнинг раҳимлироғисан» («Аъроф», 151)

Бани Исроил тилладан ясалган бузоқ ҳайкалига ибодат қилиб, улкан гуноҳ содир этганлари, кейин афсус билан тавба қилганлари учун Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга улардан етмиш кишини ўз мийқотига олиб келишни амр қилади. Бу етмиш киши Бани Исроилликлар номидан Аллоҳга узр айтиб, дуо қилишлари керак эди. Улар эса, Мусо алайҳиссаломга, бизга Худонинг ўзини кўрсат, деб туриб оладилар. Бундай шаккоклик содир этганларидан сўнг, уларни даҳшатли зилзила тутиб, ўзларидан кетадилар. Шу пайт Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога илтижо қилиб:

«Эй Роббим, агар хоҳласанг, буларни ҳам, мени ҳам бундан олдин ҳалок қилсанг бўларди. Эси пастларимиз қилган иш туфайли бизни ҳалок қиласанми? Бу Сенинг синовингдан бошқа нарса эмас. У ила кимни хоҳласанг, адаштирасан ва кимни хоҳласанг, ҳидоятга соласан», дедилар. Илтижода давом этган Мусо алайҳиссалом: «Сен валийимизсан, бас, бизни мағфират қил, бизларга раҳим эт. Сен Ўзинг мағфират қилувчиларнинг энг яхшисисан. Ва бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни ёзиб қўй. Биз Сенинг Ўзингга тавба қилдик», деб дуо қилдилар («Аъроф», 155-156).

Қуръонда Мусо алайҳиссалом билан боғлиқ оятларга назар солсак у зотнинг дуоларида ихлос, ишончни кўриш мумкин. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни вақт ҳамда турли ҳодисалар орқали тарбиялаб улуғ Пайғамбар қилди.

Сулаймон Алайҳиссаломнинг Дуолари

Сулаймон алайҳиссаломнинг муҳим хусусиятларидан бири Аллоҳ томонидан у зотга улкан давлат ато этилишидир. Бундан ташқари Аллоҳ у зотга бошқа бир қанча фазилатларни ҳам берган.

«Ва Сулаймон Довудга ворис бўлди. У: «Эй одамлар, бизга қуш тили ўргатилди ва ҳар бир нарсадан берилди. Бу, албатта, очиқ-ойдин фазлдир», деди. Сулаймонга жин, инс ва қушлардан бўлган аскарлари тўпланиб, тизилган ҳолда турдилар» («Намл», 16-17).

«Бас, Биз унга шамолни бўйсундирдик, у ирода қилган томонга майин эсаверади. Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам. Ва бошқаларини ҳам кишанлаган ҳолда тўплаб (бўйсундирдик)» («Сод», 36-38).

Роббиси томонидан берилган бу афзалликлар сабабли Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳга шундай дуо қилганлар:

«Роббим, мени Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва Сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муяссар этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин» («Намл», 19).

Сулаймон алайҳиссаломнинг бундай дуо қилишларига сабаб қуйидаги воқеа бўлган:

Сулаймон алайҳиссалом ўзларининг инс, жин ва қушлардан иборат аскарлари билан юриб бораётган эдилар. Чумолилар яшайдиган жойга етганда бир чумолининг шу сўзларини эшитиб қоладилар: «...Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасин» («Намл», 18).

Сулаймон алайҳиссалом миттигина бу жонзотнинг ҳушёрлигидан, бошқа чумолиларнинг унга итоат этганларидан завқланадилар ва табассум билан юқорида айтилган дуони қиладилар.

Қуръонда баён қилинган қуйидаги қисса ҳам Сулаймон алайҳиссалом тилидан қилинган дуо билан боғлиқ:

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломни имтиҳон қилишни ирода этади. Аллоҳ унга гижинглаб турган учқур отларни кўрсатади. У зот отларни завқ билан томоша қилиб қуёш ботганини ҳам сезмай қоладилар.Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳнинг зикридан чалғитган бу отларни қурбонлик қилиб сўйиб юборадилар. Аммо бу отларни кўрган Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган чавандоз ўғиллари бўлишини орзу қиладилар. Сулаймон алйҳиссалом, «бу кеча етмиш аёлни айланиб чиқаман, уларнинг ҳар бири Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган чавандоз туғади», деди. «Иншааллоҳ» демади. У аёлларни айланиб чиқди. Улардан биргина аёл ҳомиладор бўлиб, чала бола ташлади. Сулаймон алайҳиссалом нима сабабдан бундай бўлганини англаб етиб, тавба қиладилар:

«Эй Роббим, мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган мулкни ҳадя этгин. Албатта, Сен кўплаб атоларни бергувчисан» («Сод», 35).

Сулаймон алайҳиссалом билан боғлиқ бу воқеа ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Менинг нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар «иншааллоҳ» деганида, уларнинг ҳаммаси чавандоз бўлиб, Аллоҳ йўлида жиҳод қилар эдилар».

Закариё Алайҳиссаломнинг Дуолари

Қуръоннинг уч сурасида Закариё алайҳиссалом тилидан қилинган дуо баён этилган. Кекса Закариё алайҳиссалом бефарзанд эдилар. Аммо бу хусусда Аллоҳдан умидлари узилмаганди. Ўзлари ва ва аёллари фарзанд кўриш ёшидан ўтиб қолган бўлсалар ҳам сабр билан Аллоҳдан фарзанд сўраб дуо қилардилар.

Имрон алайҳиссаломнинг ҳомиладор аёли туғилажак фарзандини холис ният билан ибодатхона хизмати учун назр қилади. Вақти-соати келиб қиз фарзанд дунёга келади. Унга Марям деб исм қўйишади. Аллоҳ уни жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстиради ва Закариё алайҳиссаломни унга кафил қилади. Ўша пайт ибодатхона бошлиғи Закариё алайҳиссалом эди. Закариё алайҳиссалом доимо Марямнинг озиқ-овқатидан хабардор бўлиб турар эдилар. Ҳар сафар Марямнинг олдига кирсалар унинг ҳузурида ризқ кўрар эдилар. Хайрон бўлган Закариё алайҳиссалом Марямдан: «Сенга бу қаердан келди?», деб сўрайдилар. Марям эса, «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», деб жавоб қилган. Буни кўриб бефарзанд юрган Закариё алайҳиссаломда фарзандли бўлиш ҳаваси янгидан уйғонади ва Аллоҳга рағбат ва қўрқув билан дуо қилади:

«Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза фарзанд ато эт. Албатта, Сен дуони эшитувчисан» («Оли Имрон»,38).

Бошқа сурада Закариё алайҳиссалом ўзларидан кейин қавмнинг дину диёнатда собит қолишини истаб Аллоҳдан меросхўр сўраб дуо қилганлар. У зот алайҳиссалом тилидан қилинган ушбу дуода дуонинг бир нечта одоблари мужассамлашган:

«У Роббига махфий нидо қилган чоғини эсла. У: «Эй Роббим, менинг суякларим мўртлашди, бошга оқ туташди, эй Роббим, Сенга дуо қилиш-ла бадбахт бўлмаганман. Ва, албатта, мен ортимдаги қариндошлардан қўрқдим. Аёлим туғмас эди. Бас, менга Ўз даргоҳингдан бир валий-ортдан қоладиган ато эт. У менга ва Яъқуб оиласига меросхўр бўлсин. Эй Роббим, уни Ўзинг рози бўладиган қил», деди» («Марям», 3-4).

Ушбу оятда Аллоҳга хуш келадиган дуо шакли қандай бўлиши кераклиги яққол кўриниб турибди. Энг аввал, оламларнинг Роббисига камтарлик ҳис қилиб махфий дуо қилиш. Сўнгра У Зотнинг қаршисида ўзини ожиз билиш, У Зотнинг эшитувчи, қабул қилувчи эканлигини тилга чиқариш, ўз истакларини баён қилиш, ноумид бўлмаслик. Албатта, Пайғамбарларнинг ҳар бир ҳаракатида одамларга буюк ахлоқ намунаси бор. Закариё алайҳиссаломнинг дуолари ҳам бизларга қандай дуо қилиш кераклигини ўргатган.

Яна бир сурада Закариё алайҳиссалом тилидан қилинган дуо шундай баён қилинган:

«Ва Закариёни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди» («Анбиё», 89).

Албатта, Закариё алайҳиссаломнинг дуолари қабул бўлди. Буни Аллоҳ таоло қуйидаги тарзда билдирган:

«Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат этдик ва унга Яҳёни ҳадя қилдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликка шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар» («Анбиё», 90).

«Эй Закариё, Биз сенга исми Яҳё бўлган бир ўғилнинг хушхабарини берамиз. Бундан олдин унга отдош қилган эмасмиз» («Марям», 7).

Оятнинг давомида билдирилишига кўра ёши улғайиб қолган Закариё алайҳиссалом ўғиллик бўлиш хушхабарини эшитиб бир оз хайратланади:

«У: «Эй Роббим, аёлим туғмас бўлса, ўзим қариб-чириб қолган бўлсам, қандай қилиб менинг ўғлим бўлсин?!» - деди» («Марям»,8).

Шунда Аллоҳ бу ишнинг Ўзи учун жуда осонлигини қуйидаги тарзда маълум қилди:

«... Роббинг айтдики, бу Мен учун осон. Батаҳқиқ, бундан олдин сени яратдим. Ҳолбуки, сен ҳеч нарса эмас эдинг» («Марям», 9)

Ҳурматли ўқувчи, аввалги саҳифаларда ихлос билан қилинган дуо қабул бўлишини айтиб ўтган эдик. Аллоҳ Ўзига қалбан юзланган бандаларининг илтижоларини жавобсиз қолдирмаслигини, иложсиз кўринган ҳар бир нарса оламлар Роббисига осон эканлигини ҳам айтгандик. Кўриб турганимиздек, фарзандлик бўлиши имконсиз кўринган Закариё алайҳиссаломга ҳам Аллоҳ ўғил фарзанд ато этди. Яхё алайҳиссалом ўз дуоларида: «Сенга дуо қилиш-ла бадбахт бўлмаганман», деб Аллоҳнинг дуоларни қабул қилишига мустаҳкам ишонч билан илтижо қилганлар. Натижаси ҳаммамизга маълум. Хулоса қилиш ўзингизга ҳавола.

Юнус Алайҳиссалом Дуолари

Қуръонда Юнус алайҳиссалом ҳақида шундай дейилган:

«Албатта, Юнус ҳам юборилган Пайғамбарлардандир. Ўшанда у тўлган кемага қочди. Бас, қуръа ташлашди ва у мағлублардан бўлди. Бас, уни маломатга лойиқ бўлган ҳолида наҳанг балиқ ютди» («Соффат», 139-142)

Юнус алайҳиссалом аҳолиси турли бут ва санамларга ибодат қиладиган қавмни Аллоҳнинг динига даъват қилиш учун юборилган эди. Лекин улар ҳам бошқа қавм сингари Пайғамбарининг насиҳатларини қабул қилмай, гуноҳда давом этди. Юнус алайҳиссалом уларни Аллоҳнинг азоби келишидан огоҳлантирдилар. Аммо гуноҳкор қавмга бу таъсир қилмайди. Уларнинг итоатсизлигидан ғазабланган Юнус алайҳиссалом у ерда қолишни муносиб кўрмасдан шаҳарни тарк этдилар. Юриб-юриб денгиз соҳилига етиб боргач, у ерда кетишга тайёр турган кемани кўрадилар. Унинг эгаси Юнус алайҳиссаломни ўзлари билан олиб кетишга рози бўлади. Кема денгизга чиққач кучли довул бошланиб, ғарқ бўлиш хавфи туғилади. Кемадагиларнинг барчаси саросимага тушиб қолади. Ўзаро маслаҳатлашиб, бу ҳодиса кемада гуноҳкор одам борлиги учун рўй берди деган фикрга келишади. Қуръа ташлашга ва унга кимнинг исми тушса ўшани денгизга улоқтиришга келишадилар. Қуръага Юнус алайҳиссалом исмлари тушади. Кемадагилар у зотни денгизга ташлайдилар. Аллоҳнинг амри билан у зотни катта балиқ ютиб, қорнида сақлаб юради. Юнус алайҳиссалом бу воқеалар қилган хатолари туфайли бўлганини англаб илтижо қиладилар:

«Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим» («Анбиё», 87).

Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломнинг илтижосини қабул қилади:

«Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз» дедилар («Анбиё», 88).

Юнус алайҳиссалом қиссаси гуноҳ иш банданинг Аллоҳга дуо қилишидан тўсмаслиги кераклигига яққол далил бўла олади. Аллоҳ Ўзининг изнисиз шаҳарни тарк этган Пайғамбарини мағфират қилди ва унга буюк мукофот тарзида қавмини ҳидоятга бошлади.

«Бас, Биз уни бемори ҳолида майдонга отдик. Ва унинг устига қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик. Ва уни юз минг ёки ундан кўпроққа Пайғамбар қилиб юбордик» («Соффат», 145-147).

«Агар у кўп тасбиҳ айтгувчилардан бўлмаганида эди, унинг қорнида қайта тирилтирадиган кунгача қолиб кетар эди» («Соффат», 143-144).

Ийсо Алайҳиссалом Дуолари

Қуръонда Ийсо алайҳиссалом ҳақида шундай дейилган:

«...Унинг исми Масийҳ Ийсо ибн Марям, бу дунёю охиратда обрўли ва яқин бандалардандир» («Оли Имрон», 45).

Ҳаворийлар, яъни Ийсо алайҳиссаломнинг ёрдамчилари, дин учун бутунлай ажралиб чиққан одамлар Ийсо алайҳиссаломдан Аллоҳга дуо қилиб, осмондан дастурхон туширишини сўрашган. Бу воқеа Қуръонда шундай баён қилинган:

«Ҳаворийлар: «Эй Ийсо ибн Марям, сенинг Роббинг бизга осмондан тузатилган дастурхон тушира олурми?» деганларида, у : «Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳга тақво қилинглар», деганини эсла». («Моида», 112)

Келаси оятда ҳаворийларнинг Пайғамбарларидан Аллоҳга дуо қилиб дастурхон туширишини сўрашларининг асл мақсади баён қилинган:

«Улар: «Ундан емоқни, қалбларимизни таскин топмоғини, бизга рост гапирганингни билмоқни ва бунга гувоҳ бўлмоқни истармиз», дедилар» («Моида», 113).

Ҳаворийларнинг бу хоҳишлари ортида Аллоҳнинг мўъжизасини ўз кўзлари билан кўриш истаги бор эди. Шунда Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг сифатларини тилга олиб дуо қиладилар:

«Роббимиз, Бизга осмондан ясатилган дастурхон туширгин, у аввалимизгаю охиримизга байрам бўлиб қолсин. Сендан мўъжиза бўлиб қолсин. Ва бизга ризқ бергин, зотан Ўзинг энг яхши ризқ бергувчисан» («Моида», 114).

Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломнинг дуосини ижобат этганини билдириш билан бирга шундай деди:

«...Мен, албатта, уни сизларга туширгувчиман. Бас, бундан кейин сизлардан ким куфр келтирса, уни оламларда ҳеч кимни азобламаган азоб ила азоблагайман» («Моида», 115).

Ийсо алайҳиссаломнинг навбатдаги дуолари қуйидагича:

«Агар уларни азобласанг, улар сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта, Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан» («Моида» 118).

Бу дуо Ийсо алайҳиссалом тилидан Аллоҳ билан қуйидаги суҳбатлашувдан сўнг қилинган бўлиб, Қуръонда шундай хабар берилган:

«Аллоҳ: «Эй, Ийсо ибн Марям, сен одамларга, Аллоҳни қўйиб, мен ива онамни илоҳ қилиб олинглар, дедингми?»-деганини, у эса: «Эй пок Парвардигоро, мен ҳаққим йўқ нарсани айта олмайман-ку. Агар айтган бўлганимда, батаҳқиқ, Сен уни билар эдинг. Сен менинг дилимдагини биласан, мен Сендаги ҳеч нарсани билмасман. Албатта, Сенинг Ўзинг ғайбларни энг яхши билгувчи Зотсан», деганини эсла. Мен уларга Ўзинг менга амр қилган нарса «Аллоҳга, менинг Роббим ва сизнинг Роббингизга ибодат қилинг»дан бошқани айтганим йўқ. Мени Ўзингга олганингдан сўнг, Сенинг ўзинг уларга кузатувчи бўлдинг. Зотан, Сен ҳар бир нарсага гувоҳсан» («Моида», 116-117).

Муҳаммад Алайҳиссалом Дуолари

Қуръонда «Ва албатта, Сен улкан хулқдасан» («Қалам», 4) деб васф қилинган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечанинг бир қисмини дуо, зикр ва ибодат билан ўтказар эдилар. Бир оятда бу ҳақда шундай дейилган:

«Албатта, Роббинг сенинг кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингизни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундоқ қилаётганларини) биладир» («Муззаммил», 20)

Аллоҳ Қуръоннинг баъзи оятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қандай дуо қилиш кераклигини ўргатган бўлиб, улар қуйидагилардир:

«Сен «Эй барча мулкнинг эгаси Роббим! Хоҳлаган кишингга мулк берурсан ва хоҳлаган кишингдан мулкни тортиб олурсан. Хоҳлаган кишингни азиз қилурсан, хоҳлаган кишингни хор қилурсан. Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Албатта, Сен ҳар бир нарсага қодирсан. Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда хоҳлаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан», деб айт» («Оли Имрон», 26-27).

«Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ. Унга таваккал қилдим. У улуғ аршнинг Роббисидир»,-дегин» («Тавба»,129).

«Сен: «Эй Роббим, Сендан шайтонларнинг васвасасидан паноҳ сўрайман! Эй Роббим, Сендан уларнинг менга ҳозир бўлишларидан паноҳ сўрайман» , деб айт» («Муъминун», 97-98).

«Сен: «Эй Роббим, мағфират қил, раҳим қил. Ўзинг раҳим қилгувчиларнинг яхшисисан», деб айт» («Муъминун», 118).

«Роббим, улар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳим қилгин» деб айт» («Исро», 24).

«Эй Роббим, мени кирадиган жойимга содиқлик ила киритиб, чиқадиган жойимга содиқлик билан чиқаргин ва менга Ўз ҳузурингдан ёрдам берувчи қувват ато эт», дегин («Исро», 80).

 

8 / total 8
You can read Harun Yahya's book Қуръонда Дуо online, share it on social networks such as Facebook and Twitter, download it to your computer, use it in your homework and theses, and publish, copy or reproduce it on your own web sites or blogs without paying any copyright fee, so long as you acknowledge this site as the reference.
About this site | Make your homepage | Add to favorites | RSS Feed
All materials can be copied, printed and distributed by referring to author “Mr. Adnan Oktar”.
(c) All publication rights of the personal photos of Mr. Adnan Oktar that are present in our website and in all other Harun Yahya works belong to Global Publication Ltd. Co. They cannot be used or published without prior consent even if used partially.
© 1994 Harun Yahya. www.harunyahya.com - info@harunyahya.com
page_top